27 февраль 2021, шанба

Кириш

Аргентина пойтахтида Марадона мухлислари ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда 25 ноябрда вафот этган аргентиналик собиқ футболчи Диего Марадонанинг дафн маросимига келган одамлар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Тўқнашувлар Марадонанинг дафн маросими ўтаётган президент саройи Casa Rosada олдидаги майдонга олиб борувчи кўчалар кесишмасида бошланган. Полиция резина ўқлар ва кўзни ёшлатувчи газ қўллаб, одамларни чорраҳадан бир неча квартал нарилатган.

Аргентинанинг TN24 телеканали хабар беришича, тўқнашувлар мамлакат президенти Альберто Фернандес марҳум футболчи билан видолашиш учун вақт қисқартирилганини эълон қилгандан кейин бошланиб кетган.

Тўқнашувлар бошлангандан кейин кўчалардан бирида кичик тиқилинч юз берган. Дафн маросимига келганлар ўқлардан қоча бошлашган. Шундан кейин чорраҳа бошида полиция кардони қўйилган.

Таъкидланишича, икки киши қўлга олинган. Тўқнашувлар вақтида жабрланганлар бўлгани маълум қилинмаган.

Бу орада Infobae порталининг хабар беришича, 9 киши вандаллик, тартибсизликлар уюштириш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш учун ушланган.   

Кейинроқ Аргентина президенти марҳум футболчи билан видолашишни истаётганлар кўплиги сабабли унинг қизлари билан дафн маросимини соат 19гача (Тошкент вақти билан 27 ноябрь соат 3) узайтиришга келишиб олган. Аввалроқ маросим ўтаётган президент саройи соат 16да ёпилиши режалаштирилганди.

Диего Марадона 25 ноябрда 60 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган. Футболчининг вафоти туфайли Аргентинада 3 кунлик мотам эълон қилинган. Таъкидланишича, Марадона пойтахт ташқарисида жойлашган қабристонда дафн этилади.

Маълумотларга кўра, президент саройида охирги марта бундай дафн маросими 10 йил аввал Аргентинанинг собиқ президенти Нестор Киршнер охирги манзилга кузатилганда ўтган. Мамлакат раҳбарияти пандемия сабабли чекловлар амал қилаётганига қарамай, барча истовчиларга Марадона билан видолашишга рухсат берган.