26 февраль 2021, жума

Кириш

Адолат тарозуси

Дунё кезган даъво аризаси ёки тумандан Олий судга, Олий суддан яна туманга қайтган суд иши.

Президентимиз мамлакатимизда суд тизимини тубдан ислоҳ қилиш, шахснинг қадр-қимматини, тақдирини белгилашда тизимда шаффофликни, адолат устуворлигини таъминлаш бош мақсадимиз эканини селектор йиғинларида кўп марта таъкидладилар. Лекин, чекка туманларда ҳали-ҳамон тартиб-қоида деярли ўзгармаётгани кишини ўйлантиради. Наҳотки, ислоҳотлар чекка туманларга етиб бормаётган бўлса?..

Кейинги пайтларда “Электорон-онлайн аукцион савдо маркзи”га қўйилаётган кўчмас мулк атрофида турли тушунмовчилик, тўғрироғи, “ўйин”лар мавжудлиги, ер-майдонининг, қурилишга мўлжалланган бинонинг савдога қўйилиш жараёнида ҳужжатлаштириш ишларида деярли чалкашликлар борлиги туфайли фуқаро ва расмий вакиллар ўртасида судлашишлар тўхтамаяпти. Тадбиркорлар меҳнат фаолиятини юритиш ўрнига, йиллаб судма-суд аввора бўлмоқда. Ора йўлдаги сарсонгарчилик, ортиқча маблағ соврилишидан ташқари, асаб тизими бузилиши оқибатида касаллик ортириб олиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Президентимизнинг судларда шаффофликни таъминлашга қаратилган, таъкидлаб айтган гаплари жойларда беэътибор қолдирилмоқда. Мамлакатимиздаги мавжуд Фуқаролик судлари эса қатъий чора кўриш, ягона тўхтамга келиш тамоилидан анча узоқда фаолият юритиб келмода. Бошланғич дистанцияда бошланган хатолик, энг юқори дистанцияда ҳам давом этади. Сабаби, ФПС чиқарган қарор жойларда ҳал этилмайди.

Бунга биргина мисол, Кармана тумани, “Нарпай” ҚФЙ, “Ёшлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган, қурилиши тугалланмаган, 5 қаватли турар-жой биноси қурилишини охирига етказиш мақсадида, аслида мақсад шундай бўлиши керак, аммо амалда АТ “Халқбанки” Навоий вилояти филиали Кармана туман амалиёт бўлими ва “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖ ўртасида 2016 йил 15 декабрда тузилган 227-сонли кредит шартномасига кўра, жамиятга “айланма маблағларини тўлдириш, қурилиш материалларини сотиб олиш” бош мақсад қилиниб, 18 ой мудатга, йиллик 16 фоиз устама белгиланиб, 410,000,000 (тўрт юз ўн миллион) сўм маблағ ажратилади.

Албатта, бу битим узоқни кўзлаб қилинган, бунга шубҳа йўқ. 2016 йил 19 декбрда Карман туман 2-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Б.Муҳаммедов томонидан тузилган ASH №14337 NV-сонли “Ипотека ва гаров шартномаси”га кўра, жавобгар “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖга тегишли бўлган Кармана тумани, “Нарпай” ҚФЙ, “Ёшлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган, қурилиши тугалланмаган, 5 қаватли турар-жой биноси ерга бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан гаровга қўйилган. Шунингдек, Сафаев Камолиддин Шакировичга тегишли 2009 йилда ишлаб чиқарилган “GBA SPG LASETTI” енгил автоулов ҳам гаров мулки сифатида ҳисобга олинган.

Табиий савол туғилади: бу бино “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖга мулк қилиб берилмаган, бу ҳақда бизга тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилмаган, балки “айланма маблағларини тўлдириш, қурилиш материалларини сотиб олиш” учун кредит ажратилганлиги ҳақида аниқ маълумот бор. Шундай экан, Масъулияти чекланган жамият мулк сифатида гаровга қўйиши мумкинмиди?..

Бизни ажаблантиргани, Масъулияти чекланган жамият ёлланган шахслар иштирокида қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлайди, аммо, ёлланма ишчилар расман ишга қабул қилинмайди, балки бажарган ишига қараб нақд пул тўлашади. Расмийлаштиришда эса ошириб кўрсатиш ҳолатлари мавжуд. Шунингдек, қурилиш материаллари ҳам бозорда эркин нархда бўлиб, аниқ баҳолашнинг имкони йўқ. Натижада, кредитга олинган ярим миллиардга яқин маблағ қаерга ва нимага сарфланганини билиб бўлмади. Қурилиши битмаган 5 қаватли бино битмаганлигича қолди.

Республика Бирлашган Журналист ва Блогерлар матбуот маркази мухбири Шерзод Ўроловнинг тадбиркор М.Бомуротовадан олган интервьюсида воқеалар батафсил ёритилган ва ушбу суҳбат ижтимоий тармоқларда бир неча бор эълон қилинди. Аммо, ҳалигача натижа бўлмаган.

“Бухоро вилоятидан Навоий вилоятига инвестеция киргазишни ният қилган тадбиркорни чув тушуришди. Икки йилдан буён Бухоролик тадбиркорни “копток” қилишмоқда. Бухоролик тадбиркор сарсону-саргардон бўлмоқда”, деган М.Бомуротова тафсилотлар тўлиқ олинган видео лавҳада.

Навоий вилояти уюшган ёшларининг “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖ эса маблағ етишмаганлиги сабаб, банкротга учради.

Лекин, албатта, Карман тумани инфраструктурасини яхшилаш мақсадида 60 хонадонга мўлжалланган, 5 қаватли бино барпо этиш тўғрисида туман ҳокимининг 2015 йил 30 декбрдаги Қ-1037-сонли қарори беиз кетмаслиги керак эди.

Натижада, Республика Мажбурий ижро бюроси (ҳозирда тугатилган) Навоий шаҳар бўлими бюртмасига асосан қурилиши тугалланмаган 5 қаватли турар-жой биноси, “Электрон-онлайн аукционларини ташкил этиш маркази” томонидан сотувга қўйилади. Аслида бу янги машмашанинг бошланиши экан, тадбиркор М.Бомуротова қаердан билсин...

Аукцион натижаларига кўра, қурилиши тугалланмаган бинонинг сотув баҳоси 477,500,000 (тўрт юз етмиш етти миллион беш юз минг) сўм қилиб белгиланади, аммо савдода ютиб чиққан хусусий тадбиркор Бомуротова Матлуба Ҳалимовнага 1,026,625,000 (бир миллиард йигирма олти миллион олти юз йигирма беш минг) сўмга сотилади. Нега? Сабабини кейинги матнлардан билиб оласиз... Орада тегишли тартибда ҳужжатлар имзоланади. Белгиланган сумма сотиб олган тадбиркор томонидан тўлиқ тўлаб берилади.

— Шундан сўнг, МЧЖ шаклидаги “Равшан-Рустам” хусусий корхонасини ташкил қилдик, — деди М.Бомуротова биз билан суҳбатда. – Мен ушбу корхонага аукционда сотиб олган мулким билан таъсисчи бўлиб кирдим. Қурилиши тугалланмаган бинонинг кадастр ва бошқа ҳужжатларини расмийлаштирдик.

Энди банкдан кредит олиб ишни жадал бошлаш қолганди. Бахтга қарши, шу жойда дастлаб оёғимиз тойди. Бизга кредит ажратилмаслигини айтишди. Сабаби, “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖ балансида экан. Унда нега бизга сотди? Бунга чидаб туролмадим. Сарф қилган пулимдан ташқари, қанча вақтим кетди. Ўз шахсий маблағим ҳисобидан бинони таъмирлаш ишларини бошлаб юбордим.

Ахир “Уят ўлимдан қаттиқ”, дейди-ку. Менинг ниятим мамлакатимиз ривожига, озгина бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшиш эди. Ёнимизга ёлланма ишчилар олдик. Бинонинг 4 ва  5 қаватларини қуриш билан биргаликда, 1, 2, ва 3-қаватларини сувоқлаш ва бошқа қурилиш-монтаж ишларини бажардик.  

Аввалига бизни ажаблантиргани, Кармана туман прокурорининг туманлараро судга даъво аризаси киритгани бўлди. Унинг айтишича, қонун устуворлигини таъминламоқчи эмиш. Шундай бўлса, бизнинг аукциондан сотиб олган бино учун тўлаган пулимиз, бунинг устига бажарган иш ҳақимизни ҳам ҳал қилиб берсин эди. Аммо, бу унинг вазифасига кирмас эмиш.

Ахир, туман прокурорининг олган 410,000,000 (тўрт юз ўн миллион) сўм кридет маблағини қаерга сарфлаганини аутолмаётган Жамиятга ён босиши бироз шубҳали туйилади-да. Аниғини билмадиму, аммо бу ишга туман прокуро ҳам аралашган дейишди. Бунга мисол, бино яна “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖга қайтариб берилди. Шу кунлар улар яна кредит олиш пайида юришибди, – деди М.Бомуротова.

Туман прокурорининг боши берк кўчага кириб қолган ушбу муаммоли масалани ҳал қилиш мақсади бўлганми ёки башқами буниси бизга қоронғи, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари аниқлик киритар, нима бўлганда ҳам ҳақиқатан ҳам Кармана туман прокурори “Ипотека тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасини асос қилиб, Кармана туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилади. Суд ажримида туман прокурори даъвоси маъқулланади. Хусусий тадбиркор эса... Нега?

Муаммонинг бошқа томони шундаки, мазкур бино учун ажратилган кредит маблағи “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖга “айланма маблағларини тўлдириш(!), қурилиш материалларини сотиб олиш” мақсадида АТ “Халқбанки” томонидан ажратилган. Шундай экан, бу бино ёшлар Жамятига хусусий мулк қилиб берилмаган, балки улар ҳам ёлланма бажарувчилардир. Бинони аукцион савдодан сотиб олаётган хусусий тадбиркор М.Бомуротова бунга эътибор қаратмаган кўринади. Йўқ-са, аниқлик киритиб беринглар, дерди. Шошма-шошарликда белгиланган суммани дарров тўлаб қўя қолади.

Қизиғи энди бошланади, савдодан тушган маблағ “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖнинг йиртиғини ямашга ишлатилади. Ажабланишга ҳожат йўқ, бунақа ўйинга шайтон ҳам чидолмаса керак. Банк ўз фойдасига жавобгардан 328,000,000 (уч юз йигирма саккиз миллион) сўм муддати ўтмаган кредит қарзи, муддати ўтган кредит қарзи учун 60 959 170 (олтмиш миллион тўққиз бз эллик тўққиз минг бир юз етмиш) сўм, фоиз ҳисобига 11 596 209 (ўн бир миллион беш юз тўқсон олти минг икки юз тўққиз) сўм ҳамда ўтган ҳар бир кун учун 402 055 379 (тўрт юз икки миллион 55 минг уч юз етмиш тўққиз) сўм ўндириб олади. Масъулияти чекланган жамият энди оппоқ, унга бинони яна қайтариб берса бўлади қабилида иш тутилади.

Ўзимга иш топдим, ишсиз юрган ёшларни иш билан таъминлайман деган М.Бомуротова 1,026,625,000 (бир миллиард йигирма олти миллион олти юз йигирма беш минг) сўмга куйиб қолаверади. Гарчи ўтган уч йил давомида тўрт бор судлашган, ҳар гал суд ажрими қарорида М.Бомуротованинг сарф қилган маблағи  АТ “Халқбанки” ва “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖдан ўндириб берилсин дейилса-да, амалда ижрони бажарувчи идора йўқ! Кимга борса, отанга бор, онанга бор, дейишмоқда.

Дастлаб, 2018 йил 17 октябрда бўлиб ўтган Кармана туманлараро суди биносида судья Б.Қ.Бабакулов раислигида ушбу низоли масала кўриб чиқилганда хусусий тадбиркорнинг “Электрон-онлайн аукцион савдо маркзи” савдосида ютиб чиққани, бинони юқорида келтирилган суммага сотиб олгани ҳамда сарф қилган маблағи Навоий вилояти уюшган ёшларининг “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖданва АТ “Халқбанки”дан ўндириши тўғрисида қарор чиқарилади. Кейин 2018 йил 4 декабрда Навоий вилоят суди судьяси Б.И.Джумаев раислигида, 2019 йил 25 январда Республика Олий суди судьяси Ж.Тиркашев раислигида, 2019 йил 30 май куни Республика Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида судья А.Касимов раислигида ва ниҳоят барча инстанцияларни босиб ўтган даъво аризаси яна Кармана туманлараро судига қайтиб келиб, 2020 йил 21 январда  судья Ш.А.Очилова раислигида бошланғич нуқтада бошланади.

Эй, Ўзбекистонга шунча ташвиш керакмикин, ахир Фуқоролик судлари биргина шу ишни ниҳоялай олмапти, суд иши дунё кезиб яна Карманага қайтиб келибди...

Албатта, шу ўринда яна бир гапни айтишни лозим топдик, 2018 йил 19 июнда бўлиб ўтган аукцион савдо натижалари тўғрисида баёоннома тузилган. Унга асос қилиб Навоий вилояти, Навбаҳор туманлараро суди томонидан берилган 2017 йил 14 сентябрдаги 1-935/17-сонли ижро ҳужжати ҳамда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими бошлиғи, адлия маслаҳатчиси А.Тешаевнинг 2018 йил 23 мартда тасдиқлаган қарори кўрсатилган.

Демак, давлатнинг шунча ишончли ташкилотлари ташландиқ бинони ҳолатини ўрганиб, ҳужжатлаштириб, аукционга тақдим қилгани кимга ёқмади экан, очиқ савдонинг баённомасини бекор қилишибди...

Халқимиз: “Молингни қози еса додингни кимга айтасан”, деган мақол бор. Чала битган бино яна “Navoiy qurilish yoshlar” МЧЖга қайтарилибди. Келажакда бу саргардон бино битармикин, энди буёғини вақт кўрсатади...

Материал тайёрланди: 
Ҳамид Сулаймон