26 февраль 2021, жума

Кириш

Юк автомобилларининг Тошкент шаҳрига кириб-чиқишига чекловлар ўрнатилиши мумкин

Юк автомобиллари учун Тошкент шаҳрига кириб-чиқишда чекловлар ўрнатилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.

Депутатнинг ёзишича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ томонидан йўлларда тирбандликнинг олдини олиш мақсадида эрталаб соат 07:00—10:00 ва кечки 17:00—20:00 вақтлар оралиғида Тошкент шаҳрига оғир юк ташувчи транспорт воситаларининг кириб чиқишини чеклаш ҳақида қарор қабул қилиш таклифи киритилган.

Таъкидланишича, ушбу масала тез кунларда Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари томонидан кўриб чиқилиши режалаштирилган.

«Агар депутатлар бу қарорни қабул қилишса Тошкентда тирбандликлар бироз бўлса ҳам камаяди, деб умид қиламиз», — деб ёзади Кушербаев.

Аввалроқ Тошкентдаги 24 та йирик чорраҳанинг ҳаракатланиш тартибини оптималлаштириш орқали тирбандликни 64 фоиз камайтириш режалаштирилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир: Тошкент Ўзбекистондаги автомобиллар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 18 ноябрь куни ёғган қор натижасида Тошкент шаҳрининг машиналар оқими катта бўлган кўчаларида тирбандликлар юзага келди. Тушдан кейин бошланган ва «Яндекс.Тирбандликлар» иловаси 10 балли деб баҳолаган ноқулайликлар кечки тиғиз пайт вақтида ҳам кузатилганди.