26 февраль 2021, жума

Кириш

Ёшлар билан учрашув

         Янги Ўзбекистонда ислоҳотларни жадаллик билан амалга оширишда секторлар кесимида ташкил этилаётган ишлар аҳоли муаммоларининг жойида ҳал этилишини таъминламоқда.

         “...Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти, аввало, маҳаллада сезилади. Шу маънода, “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт”

         Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида дилларни тўлқинлантирувчи бу сўзлар Шаҳрисабз тумани аҳлини ҳам янги орзу-умидлар сари илҳомлантиряпти. Куни кеча туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Шавкат Қурбонов ҳудуддаги ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича “Полмон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ёшлар билан учрашув ўтказди. Айни пайтда маҳалла ҳудудида 4250 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 600 нафаридан ортиғини ёшлар ташкил этади.

         – Учрашувда кредит олиш масаласида қилган мурожаатимга ижобий жавоб олдим, – дейди Ўролой Мўминова. – Бу ишда сектор раҳбари кўмаги катта бўлди.

         Фаррух Абдурасулов, Дилафрўз Ҳакимова, Сирожиддин Саъдуллаев, Омонулла Хўжаев, Севара Сирожиддинова, Хуршид Ғаффоровларнинг чорвачилик, балиқчилик, иссиқхона қуриш масаласида қилган мурожаатлари қаноатлантириладиган бўлди.

         Сектор бўлим бошлиғи Ўктам Раҳматов, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари Илҳом Исаевлар ёшлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтардилар.