26 февраль 2021, жума

Кириш

Ўрмонлар — бойлигимиз

"Ўрмонларни кўпайтириш ўрмонлардан доимий фойдаланувчилар томонидан ҳудудларнинг сердарахтлилигини ошириш, ўрмонларнинг нав таркибини яхшилаш, қимматли навли дарахтларни кўпайтириш ва эрозия жараёнларининг олдини олиш мақсадида махсус дастурлар асосида олиб борилади. Ўрмонларни кўпайтириш учун бериб қўйилган қишлоқ хўжалигига ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрмон фонди ерлари тоифасига ўтказилади."

          Бу сатрлар Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги Қонуннинг 35-моддасидан келтирилди. Ўрмонлар нафақат бойлигимиз, балки инсон умрини узайтирадиган манба ҳам ҳисобланади. Табиатнинг мусаффолигини таъминлайди, инсоннинг нафас олишини яхшилайди. Шу боис бутасимон ўсимликларни кўпайтириш орқали ўрмон фондини кенгайтириш учун юртимизда кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Яқинда Шўртан ўрмон хўжалигининг Қарши тумани участкасида ташкил этилган кўргазмали семинар бунга яққол мисол бўлади. 

          Журналист ва блогерлар, ўрмон хўжалигининг туманлардаги вакиллари ва мутахассислари иштирок этган ушбу семинарда ўрмон хўжаликларида етиштирилган дарахт навлари, ўрмон маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. 

          – Бугунги кунда республикамизда пистанинг 13 та нави яратилган, – дейди Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров. – Республикамизда банан, киви сингари субтропик ўсимликлар ҳам парваришланмоқда. "Павлания" ва бутасимон "Лаванда" ўсимлигини етиштириш ва парваришлаш катта иқтисодий самара беради. Мақсадимиз ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш орқали ўрмонларни кўпайтириб, Она табиатимизнинг мусаффолигини таъминлашдир.   

          Бутасимон ўсимликларнинг афзалликлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Ўрмонларнинг маҳсулдорлигини ошириш ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг нав таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш "Ўрмон тўғрисида"ги қонуннинг 36-моддасида ўз аксини топган. Шу куни бу ерда маҳаллий шароитда етиштирилиб, кўпайтирилган "Лаванда" ўсимлигини экиш усуллари амалий машғулотлар орқали кўрсатилди.

          – Ҳали фойдаланилмаган ерлар анчагина, – дейди Қашқадарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Абдулла Ёзиев. – Бу борада воҳада кўпгина амалий ишлар қилинаётир. Баҳорги кўчат экиш мавсуми яқинлашгани сари соҳа ходимларининг масъулиятлари янада ошади. Юртимизни боғ-роғларга айлантириш учун ўрмон хўжалиги фондини кўпайтираверамиз. Ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, нав таркиби ва сифатини яхшилаш қонун ҳужжатларида ўз аксини топган.

          Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтарди.