27 февраль 2021, шанба

Кириш

Меҳнат қонунчилиги тарғиботи

         "...Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга, албатта, етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз. Ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этаман."

         Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан олинган бу сўзлар барча қатори Шаҳрисабз тумани ёшларини ҳам ғоят қувонтириб юборди. Ёшларни касбга ўргатиш орқали уларни ҳунарли қилиш шу куннинг муҳим вазифасидир. Бу айниқса, мактаблардаги битирувчи синф ўқувчилари учун жуда муҳим саналади.

         Туман халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, ушбу ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактаб ўқувчиларининг 2770 нафарини битирувчилар ташкил этади. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда ташкил этилаётган "Меҳнат қонунчилигидан хабардормисиз?" мавзусида ташкил этилаётган тадбирларда битирувчи синф ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олмоқда.

        Тумандаги "Шакартери" маҳалласида жойлашган 78-умумтаълим мактабида ҳамкорликда ташкил этилган тадбир ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари Илхом Исаев 9-11 синф ўқувчиларига меҳнат қонунчилиги ҳақида тушунтириб бериб, ўқувчилар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди. Тадбир доирасида Шаҳрисабз шаҳридаги Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 мартдаги 135-сонли қарори асосида Корея Республикасининг 8,5 миллион АҚШ долларилик грантини жалб қилган ҳолда ташкил этилган ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти ҳақида ҳам кенг тушунтириш берилди.

       – Бу каби тадбирлар айниқса, битирувчи синф ўқувчиларини касб-ҳунарни эгаллашлари ва меҳнат қонунчилигини мукаммал ўрганиб олишларида муҳим ўрин эгаллайди, – дейди мактаб директори Зулайхо Авлаева. – Ўзаро ҳамкорликдаги тадбирларни ҳар чоракда ўтказишга келишилганлиги нур устига аъло нур бўлди.