27 февраль 2021, шанба

Кириш

Коронавирус

Коронавирус респиратор касаллик эмас, қон-томир касаллиги бўлиши ҳам мумкин. Симптомлар қандай кетма-кетликда намоён бўлмоқда? 26 ноябрь куни Bussines Insider нашри COVID-19 билан оғриган беморлардаги касаллик ривожланишида симптомлар намоён бўлишининг кунлар бўйича тақсимланиши ҳақида мақола эълон қилди. Унда айтилишича, олимлар ва шифокорлар минглаб беморлардаги касаллик кечишини кузатиш орқали аксар беморларда кузатиладиган кундалик симптомлар кетма-кетлигини аниқлади. «Дарё» ушбу мақоланинг таржимасини тақдим этади.

Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази берган маълумотларга кўра, коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг тахминан 40 фоизгача бўлган қисмида касаллик аломатлари сезилмасдан, 20 фоиз ҳолатларда эса касаллик оғир ва ўта оғир кўринишга ўтади. Коронавирус симптомлари кузатилаётган беморларда, одатда, дастлаб ҳарорат кўтарилиши ва йўтал пайдо бўлади. Бу белгилар томоқ оғриғи, бош оғриғи, мушаклардаги оғриқлар, кўнгил айниши ёки ич кетиши билан кечади (оғир ҳолатларда эса ошқозон-ичак фаолияти билан боғлиқ муаммолар инфекция тушган илк пайтлардаёқ намоён бўлиши мумкин).

Коронавирус

Оғир ҳолатдаги беморларда дастлабки аломатлар пайдо бўлгандан кейинги касалликнинг бешинчи кунида вируснинг ўзига хос жиҳатларидан бири – нафас олишнинг қийинлашуви кузатила бошлайди.

Лекин симптомлар кўпинча одамга вирус юқиши биланоқ юзага чиқмайди. Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази маълумотларига қараганда, вируснинг ўртача инкубацион даври тўрт кундан беш кунгача бўлиши мумкин. Вирус юқтирган одамнинг ўзи мазкур давр мобайнида ўзининг касал эканини ҳали билмаслиги мумкин, лекин текширишлар шуни кўрсатмоқдаки, у вирусни бошқаларга юқтириб юрган бўлади.

Кунлар бўйича симптомларнинг намоён бўлиши

Йил бошида Хитойда касаллик авж олган пайтда минглаб беморларнинг ҳолатини кузатишдан сўнг касалхоналарда COVID-19 билан оғриган беморларда кузатилган қатор симптомларнинг кунлар бўйича юзага чиқиш кетма-кетлиги аниқланган:

1-кун: Симптомлар сезиларсиз бошланади. Беморда ҳарорат кўтарилади, кейин эса йўтал бошланади. Кам сонли одамларда бундан бир ёки икки кун аввал ич кетиши ёки кўнгил айниши кузатилган бўлади ва бу инфекциянинг нисбатан жиддий кўринишда эканининг белгиси бўлиши мумкин;

3-кун: Бу дастлабки симптомлар намоён бўлган беморларнинг касалхонага ётқизиладиган ўртача вақти. Хитойнинг 550 га яқин касалхоналарида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, беморларда пневмония ҳам айнан 3-куни ривожлана бошлади;

5-кун: Оғир ҳолатларда симптомлар ёмонлашади. Беморларда, айниқса, қарияларда ва сурункали хасталиги бор касалларда нафас олишнинг қийинлашиши мумкин;

7-кун: Ухань мисолида олганда, бу кун беморларнинг ўртача энг кечикиб шифохонага мурожаат қилган куни бўлди. Кўплаб беморларда шу куни нафас сиқилиши (ҳансираш) бошланди;

8-кун: Кўпинча айнан шу кунга келиб, оғир ҳолатдаги беморларда нафас етишмовчилиги, пневмония ёки ўткир респиратор дистресс-синдром (ЎРДС) ривожлана бошлайди. ЎРДС аксар ҳолларда ўлим билан тугайди;

9-кун: бу куни айрим беморларда организмнинг агрессив иммун жавоби туфайли шаклланган сепсис инфекция ривожланиши кузатилди;

10-11 кунлар: Агар беморларда симптомларнинг ёмонлашуви кузатилса, шу кунлари касалликнинг авж олаётган пайти бўлади ва шу кунларда улар интенсив терапия бўлимларига жойлаштирилади. Касаллик енгил кечаётган беморлардан фарқли равишда, бундай оғир беморларда қориндаги оғриқлар ва иштаҳа йўқолиши юзага чиқади;

12-кун: Касаллик бошланганига деярли икки ҳафта бўлган бу пайт айрим ҳолатларда беморларда ЎРДС деярли юзага келмаган бўлади. Ухандаги ҳолатлар бўйича тадқиқотлардан бирида беморларни интенсив терапия бўлимига ўтказилиши учун ўртача12 кун кетгани аниқланди. Тузалаётган беморларда ҳам 12-куни иситма чиқмай қолади;

16-кун: Тузалаётган беморларда шу куни йўтал тўхтайди;

17-21 кунлар: Уханда кузатилган ҳолатларда беморлар хасталик бошлангач, 2,5–3 ҳафтадан ўтиб ёки соғайиб кетган ва касалхонадан чиқган ёки вафот этган эди;

19-кун: Беморларда ҳансираш ва нафас қисиши йўқолади;

27-кун: Айрим беморлар касалхонада узоқроқ қолиб кетиши мумкин. Венчжоудаги беморларнинг касалхонада ўртача ётиш вақти 27 кунни ташкил қилди.

Лекин беморга касалхонадан жавоб берилди дегани ундаги симптомлар бутунлай бартараф бўлди дегани ҳам эмас. Айрим беморларда ҳансираш, кўкрак қафасидаги оғриқ, кўнгил айниши, юрак уришининг тезлашуви ҳамда ҳид ва таъм сезмаслик сингари симптомлар бир неча ойгача кузатилгани хабар қилинди. Касалланган, лекин касалхонада ётмаган беморларда ҳам симптомлар сақланиб қолиши мумкин.

Касалликларга қарши кураш ва профилактика маркази томонидан июль ойида берилган ҳисоботга кўра, 300 нафар симптоматик беморлардан 35 фоизида коронавирусга қарши тест мусбат чиққанидан кейинги икки ёки уч ҳафта ичида ҳам саломатлик аввалги ҳолатга қайтмади. Бир неча ҳафтадан кейин ўзини яхши ҳис қила бошлаган беморлар эса симптомлар тестдан кейинги 4–8 кун ичида ўтиб кетганини айтди. Уларнинг айтишича, ҳид ва таъм сезгисининг қайтиши учун ҳаммасидан ҳам кўпроқ вақт кетди ва бу ўртача саккиз кундан кейингина тикланди.

Схема коронавируса