26 февраль 2021, жума

Кириш

Комил Алламжонов

«Бошингизга бир уриб, мана сенга хат, жим ўтир, дейдиган даврлар ўтди» — Алламжонов АОКА ва ОАВ баҳси ҳақидаМиллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов АОКАнинг маҳаллий ОАВга юбораётган огоҳлантириш хатлари бўйича ўз муносабатини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, аслида ҳар бир фуқаро, журналист, блогер ёки матбуот ўз-ўзини ҳимоя, ҳақ-ҳуқуқини эса талаб қила олиши керак, бунинг учун эса ҳимоя алоҳида шахсларга боғлиқ бўлмаслиги, қонун устувор бўлиши лозим.

«Бугунги давр матбуотини агар янги туғилган чақалоққа тенглаштирсак, албатта, у оёққа туриши, юриб кетиши учун унга кўмак, ҳимоя керак эди. Худди шу ҳимоя АОКА вазифаларидан бири бўлган», — дейди у.

Комил Алламжонов нима учун ўша даврдаги ҳукумат таркибидаги Матбуот ва ахборот агентлиги мавқейи кўтарилиб, Президент администрацияси тузилмасига киритилгани, унинг директори аввал вазир даражасида бўлса, кейинчалик президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилгани сабабини тушунтирди.

«Чунки матбуот 90 фоиз ҳолатда ҳукумат таркибига кирувчи ташкилотлар, вазирликлар, идоралар, қўмита ва ҳокимликлар, яъни ижро аппарати фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Демак агар агентлик Вазирлар Маҳкамаси таркибида бўлса ва директор даражаси бошқа вазирлар билан тенг бўлса, гапини ўтказа олиши, ҳимоя қила олиши, керак пайтда ҳисобот ва ахборот беришга ундаши қийин кечади. Бу ҳолатда матбуотни бугунгидек кўтариб бўлмас эди», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, қонунларга ўзгартириш киритиш, кўплаб норматив ҳужжатлар яратиш ҳукуматдан юқори турувчи Президент администрацияси таркибида тезроқ кечади.

«АОКА юқорида айтганимдек гўдак матбуотга энага қилиб белгиланган эди ўшанда. Ва шунинг учун ҳам журналист ёки блогерлар томонидан қонунлар бузилса ҳам, хатолар бўлса ҳам, кўз юмиб турайлик, матбуот жонланиб олсин, дея тарғиб қилар эдик. Орадан мана 4 йил вақт ўтди. Урилиб, сурилиб, гоҳида қашқа бўлиб, гоҳида ғурра, безори болалар билан уришиб, талашиб, матбуот анча етилиб, тишлари чиқиб, кўчада бемалол юра бошлади. Буни кузатиб турган энага ҳам секин-аста ўзини орқага тортди. Бир сўз билан айтганда, улар чинакам ҳаётга учирма қилинди», — деб қайд этди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси.

Унинг фикрича, «энди минбардан туриб, сизни ҳимоя қиламиз, бизнинг ҳимоямиздасиз, дейдиган гаплар даври ўтди».

«Энди ҳар бир журналист ва блогер, аввало, ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган даражада бўлиши керак. Қонунларни яхши билиши, журналистика этикаларига риоя қилиб ишлаши керак. Аслида бу соҳада ҳам тартиб бўлиши шарт. Бу жуда муҳим. Ана ўшандагина журналистнинг тили узун, боши мағрур бўлади», — дейди Алламжонов.

Унинг кузатувларига кўра, ўтган ҳафта давомида бўлиб ўтган воқеалар матбуот гапини айта оладиган, ўзига нисбатан берилган ҳар қандай огоҳлантиришларга муносабат, эътироз билдира оладиган, очиқ баҳслаша оладиган даврга ҳам етиб келганини кўрсатди. АОКА собиқ раҳбарининг айтишича, бу аслида Президент бошчилигида яратилган сўз эркинлиги концепциясининг амалда ишлаётгани белгисидир.

«Сўз эркин бўлдики, босим бўляпти дея оляпсиз, сизга эътироз билдирган давлат ташкилотига фикрингизни бемалол тенгма-тенг айта оляпсиз. Бошингизга бир уриб, мана сенга хат, жим ўтир дейдиган даврлар ўтганидан дарак бу. Албатта, қийинчиликлар кўп, лекин ким айтувди осон бўлади деб? Ушбу даражага етиб келишда бизга ҳам, ўзи учун туриб бера олиш сизга ҳам осон эмас. Шунинг учун ҳам биз айнан шу сафар жим ўтирдик, кузатдик ва изоҳ бермадик. Баҳслар, тортишувлар фақат ривожлантиради давлатни», — дея таъкидлайди Алламжонов.

Комил Алламжонов ОАВни қўллади ва улар тўғри йўлда эканлигини билдирди. «Энг асосийси, билингки, ушбу жараёнга тўсиқ ёки қаршиликлар бўлиши мумкин, лекин бу фойдасиз. Катта ғилдирак жойидан қўзғалиб, юриб бўлди. Энди у тўхтамайди. Чунки ушбу ислоҳотнинг концепцияси жуда пухта яратилган!», — дея ўз сўзларини якунлаган у.

Эслатиб ўтамиз, АОКА «Kun.uz»га газ-свет муаммосини ёзгани учун огоҳлантириш хати юборганида таҳририят буни «босим ўтказиш» деган эди. Бундан ташқари, яна бир огоҳлантириш хати «Daryo.uz» интернет нашрига юборилган эди. Шунингдек, АОКА COVID-19 статистикаси бўйича янгилик сабабли «Gazeta.uz»ни огоҳлантирганида нашр бунга жавобан «Биз огоҳлантириш хатига таҳририятни ‘ноқулай’ саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қараймиз», дея ёзган эди.

Шундан сўнг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маҳаллий оммавий ахборот воситаларига юборилаётган огоҳлантириш хатлари бўйича расмий баёнот берди. Унда агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлашини таъкидлади.