26 февраль 2021, жума

Кириш

“Хонақа”ликлар нимадан норози?

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири – аҳолини рози қилиш, халқимизнинг фаровон  турмуш кечириши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат. Бу янгиланаётган Ўзбекистонда яққол намоён бўлмоқда.

Халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшашга ҳақли. Юртимизда барча соҳаларда ижобий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани "Хонақа" маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишлар самараси кўринмаяпти. “Қизил қишлоқ”, “Хонақа”, “Чўянли”, “Камарли” ва “Тошбулоқ” қишлоқларида 3 минг 562 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқларда аҳолига транспорт, маданий-маиший, тиббий хизмат кўрсатиш соҳаларидаги камчиликлар,  йўлларнинг носозлиги халқнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаяпти.

ЙЎЛ АЗОБИ...

Эски Яккабоғ шаҳарчасидан “Хонақа” маҳалла фуқаролар йиғинига қараб йўлга чиққан автоуловда қинғир-қийшиқ, паст-баланд, носоз, ўнқир-чўнқир йўллардан тебрана-тебрана манзил томон борар эканмиз, нотекис йўллардан ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар сабрига тасанно айтсак арзийди. Бор-йўғи 15 километрлик масофада салкам бир соат юришга тўғри келди. Йўлнинг яқин чорак аср оралиғида таъмирланмаганлиги кўриниб турибди. Ёшларга йўлнинг бу даражадаги носозлиги балки билинмас. Аммо, ёши улуғ нуроний-кексаларнинг бу йўллардан юриши нафақат асаб тизимига, балки соғлигига ҳам зиён етказиши турган гап.  

Қишлоқ одамларининг айтишича, “Тула” қишлоғида туғилиб вояга етган Холмурод Раҳмонов (Оллоҳ раҳмат қилсин) туманга биринчи раҳбар бўлган пайтда ушбу йўлнинг қурилишига ўзи бош-қош бўлган экан.

Биз бу йўлларга кўникиб қолганмиз, – дейди ўзини “гуноҳкор” сезгандек “Дамас” рулини бошқараётган Равшан Расулов. – Яп-янги автомобиллар йил ўтмай “тўкилиб”, таъмирталаб бўлиб қолмоқда. Носоз йўлларни созлаш учун қишлоғимиз аҳолиси кўп марта масъулларга мурожаат қилса-да, ҳалигача бирон-бир ижобий ечим топилмаяпти. Ёғингарчилик пайтида тепаликлардан оқиб тушаётган ёмғир ва қор сувлари тўғри катта йўлга тушиб, ўзига “йўл” очиб олганлиги натижасида йўллар уйдим-чуқур бўлиб кетган. Айниқса, қиш-қировли кунларда бу йўллардан юриб манзилга етиш қийин кечади.

... “Бобо Шоди Шайх ота” ҳазратлари айнан “Хонақа” қишлоғида жойлашган бўлиб, у кишининг ҳаёти узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда бу улуғ зотнинг маънавий меросини ўрганиш учун узоқ-яқиндан зиёратчилар қадами узилмайди. Тадбиркор Маҳмуд Бекназаров “Бобо Шоди Шайх ота” ҳазратлари дафн қилинган ушбу қадамжони ободонлаштиришда одамларга бош бўлганлигини қишлоқ аҳли фахр билан эслашади. Фермер Рўзи Шокиров трактори билан катта йўлни очиб равонлаштириб, халқнинг дуосини олди. Ушбу зиёратгоҳ бугун барчанинг севимли масканига  айланган. Халқимиз у кишидан руҳий мадад олиш учун бу ерга қадам ранжида қилади. Бироқ, бу ерга бир марта келган киши қишлоқ йўлларининг носозлигидан таъби хира бўлиши табиий. Шулар эътиборга олинадиган бўлса, “Хонақа” ҳудуди жуда катта тарихий, маънавий мерос манбалар маконидир. Бу орқали ўсиб келаётган ёшлар улуғлар меросини ўрганиб, Она Ватанга бўлган меҳрлари яна ҳам ортади. Бунинг учун эса зиёратгоҳга боришда, албатта, равон йўллар керак. Агар йўллар соз ва равон бўлса, туризм салоҳияти ҳам кенгаярди. Сайёҳлар оқими кўпайиб, ўз-ўзидан уларга хизмат кўрсатадиган маданий-маиший, савдо, умумий овқатланиш шохобчаларида қишлоқ аҳолиси маълум бир миқдорда иш билан банд бўлиб, айни долзарб бўлиб келаётган ишсизлик масаласи барҳам топарди .   

Йўлнинг яқин йиллар ичида таъмирланганлигини эслай олмайман, –дейди Тошпўлат Асланов. – Қишлоқ врачлик пункти йўқлигидан беморлар Эски Яккабоғ шаҳарчасидаги шифохонага боришга мажбур. “Тез ёрдам” чақирмоқчи бўлсак, вақтида етиб келмаслиги ҳам йўлларнинг носозлиги билан боғлиқ.

 

ҚАЧОН ҚИШЛОҚ ВРАЧЛИК ПУНКТИ ҚУРИЛАДИ?

Президентимиз Қашқадарёга ташрифи чоғида вилоятда мактаблар билан бирга, тиббий хизмат сифати ҳам қониқарсиз эканлигини алоҳида таъкидлади. Муаммолар жуда кўп. Аҳоли тиббий хизмат кўрсатилишидан норози  эканлигини қуйидагича изоҳлайди:

 “Чўянли” қишлоғида яшайман, – дейди Малика Назирова. – Тишим безовта қилиб шифохонага бориш ниятида йўлга чиққандим. Анчадан буён машина кутаяпмиз. Қишлоғимизда стомотология хизмати кўрсатадиган шифохона йўқ. Малакали шифокорлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бир пайтлар икки қаватли бинодаги болалар боғчаси ва қишлоқ врачлик пунктида  Қурбон Тўхтаев (Оллоҳ раҳмат қилсин) деган фельдшер аҳолига хизмат кўрсатиб келарди. Шундай ажойиб бино бузиб ташлангач, қишлоқ аҳолиси  тиббий шифохонасиз қолишди...

 

ОМОНАТ “СИМЁҒОЧ”ЛАР

Йўлда давом этар эканмиз кўзимиз собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган чириб, фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган "симёғоч”ларга тушди.  Устунларда катта кучланишдаги электр симларининг осилиб турганлиги инсон ҳаёти учун жуда катта хавф туғдиради. Пала-партиш тортилган электр симлари дарахтларга омонатгина боғлаб қўйилган. Бу симлар шамолнинг тезлигидан узулиб тушмаслигига ким кафолат беради? Олис масофадаги электр симлари ҳам аҳоли хонадонларига худди шу йўсинда тортиб келинган бўлиб, хавсизлик қоидаларига умуман риоя қилинмаган.

1969 йилда ўрнатилган трансформаторлар аллақачон ўз вазифасини ўтаб бўлган. Трансформатор зўрма-зўраки ишламоқда. Қарйиб 170 хўжалик фойдаланаётган трансформаторнинг тез-тез ишдан чиқиши аҳолини, албатта,  ранжитади. Баъзан кучланишнинг пастлигидан чироқлар хира тортиб қолаяпти. Аҳоли сони ортгани сайин, истеъмолчилар ҳам кўпаймоқда. Занглаб, қаровсиз ҳолга келиб қолган трансформаторларни янги, замонавийсига алмаштириш вақти аллақачон етган бўлсада, бу муаммони бартараф этиш ҳанузгача масъулларнинг хаёлига келмаяпти.

 

ЎҚУВЧИЛАРГА СПОРТ  ЗАЛ  КЕРАК!

15-мактаб директори Йўлдош Жўраевнинг таъкидлашича, мактабнинг эски биноси ўрнида янги кўринишга эга бўлган илм даргоҳи қурилганлиги нафақат жамоа аъзоларини, қолаверса, қишлоқ аҳлини ҳам қувонтирди.  Аммо, спорт зали қурилиши режага кирмай қолганлиги, бугунги кунда келажагимиз эгаларининг жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланишларида қийинчилик туғдирмоқда. “Стадион” вазифасини ўтаётган очиқ майдонда бир пайтлари  ўрнатилган спорт жиҳозлари эскириб, деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари дарсларни амалий машғулотлар билан боғлаб ўтиш ўрнига, кўпроқ назарий билимлар бериш билан кифояланишяпти.

Биз ҳам бошқалар сингари замонавий спорт залларида шуғуллангимиз келади, – дейди 7 “а” синф ўқувчиси Дилнура Авазова. – Лекин, ёшларнинг спорт билан шуғалланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилмаган. Бизга замонавий спорт зали керак. Президентимиз жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида бир қатор қарорлар қабул қилишларига қарамасдан масъуллар ўз вазифаларини уддалай олишмаяпти. Мактаб ўқувчиларнинг компьютердан фойдаланиш ҳам талаб даражасида эмас. Улар интернет тармоғи уланмаган.

 

ЗАНГЛАГАН ҚУВУРЛАР

Ижтимоий-маиший турмушимизда инсоният тараққиёти ва тириклигининг асосий манбаи ҳисобланган ичимлик сувидан ўз ўрнида фойдаланиб, уни беҳуда исроф қилинмаслигига ҳар биримиз масъулмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси афтидан “Хонақа” маҳалласи масъулларига етиб бормаган кўринади. “Чўянли” қишлоғидаги 12 та булоқ бирлаштирилиб, “Галабулоқ” чашмасидан чиқаётган табиий сув тақсимланиб, қувурлар орқали аҳолига етказилади.

1987-88 йилларда қурилган қувурлар ҳозиргача бирор марта ҳам таъмирланмаганлигидан тешилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Натижада ичимлик суви исроф бўлмоқда. Энг ачинарлиси, кўчалардаги қўлбола усулда яратилган ҳовузларга тушадиган бу сувдан чорва моллари ҳам суғорилиб, ичимлик суви ифлослантирилмоқда.

Қувурлар тешилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги билан ҳеч ким қизиқмаяпти, – дейди меҳнат фахрийси  Рўзи бобо Шокиров. – Бу катта меҳнат эвазига узатиладиган ичимлик сувининг беҳуда исроф бўлишига олиб келмоқда.

Президентимиз ҳар бир раҳбар халқ ичида бўлиб, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда камарбаста бўлиши лозимлигини бод-бод таъкидламоқда. Аммо, Яккабоғ тумани ҳокимиятидаги масъул-мансабдор раҳбарлар бу масалага виждон ила ёндошишни хоҳлашмаяпти.

Юқорида келтирилган камчиликларни тегишли ташкилотлар ўз вақтида бартараф этиб, халқнинг дуосини олади, деган умиддамиз. Биз бу масалага яна қайтамиз. Каналимизни кузатиб боринг.

Зийрак ОТА.

Суратларда: “Хонақа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудиги  лавҳалар акс этган.