13 Апрель 2021, сешанба

Кириш

Битирувчиларнинг баҳоларини ОТМга кириш имтиҳонида инобатга олиш тартиби эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси президентнинг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 6 ноябрдаги ПФ–6108-сон фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда кириш имтиҳонларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Фармоннинг 10-бандига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)га мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.

Ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартибини Давлат тест маркази Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар ишлаб чиқиши белгиланган.

Қайд этилишича, мазкур қарор лойиҳасини қабул қилиш зарурати қуйидагилардан иборат:

•мамлакатда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада такомиллаштириш;

•интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш;

•таълим ташкилотлари битирувчиларининг мукаммал билим олишларини таъминлаш;

•битирувчиларнинг таълим муассасасида умумтаълим фанлари бўйича олган баҳоларининг ўртача кўрсаткичини олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш;

Қарор лойиҳасида:

•тасарруфида умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўз битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳоларини акс эттирувчи электрон платформани яратиши;

•Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, тасарруфида умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар ўз платформаларини ўзаро ҳамда Давлат тест марказининг ABITUR махсус дастурига интеграциясини амалга ошириши;

•хорижий таълим муассасаларини тамомлаган, шунингдек, 2023 йилга қадар мулкчилик шаклидан қатьи назар умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи сифатида шаҳодатнома (аттестат)даги (диплом иловасидаги умумтаълим фанлари бўйича) баҳоларнинг ўртача кўрсаткичини қабул қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қарор билан умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тасдиқланмоқда.