26 февраль 2021, жума

Кириш

«Бош вазир ва администрация раҳбари рухсатисиз мажлис ўтказган амалдорлар ишдан кетади» – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари мажлисбозликни камайтириш шартлигини қатъий таъкидлади.

«Молия, банк ва солиқ соҳаларида бир йил фавқулодда вазият эълон қилдик. Қўчқоровдан бошлаб барча молиячи, банкир ва солиқчилар маҳаллама-маҳалла юриб, аҳоли муаммоларини ўрганади ва ҳал қилади. Мазкур соҳа вакиллари учун пайшанба, жума ва шанба кунлари умуман мажлис ўтказилмайди. Улар фуқаролар муаммосини ўрганади.

Кўплаб амалдорлар мажлис ўтказишга касал бўлган. Ким хоҳласа, ҳар куни соатлаб мажлис ўтказади. Туман ва вилоят ҳокимлари мажлис қиладиган бўлса, бош вазир ва администрация раҳбаридан рухсат олиб, узоғи бир соатлик мажлис ўтказиши мумкин. Аммо уларнинг рухсатисиз мажлис ўтказган амалдорлар ишдан кетади. Амалдорлар соатлаб ўтказган мажлис учун кетган вақтини ёшларнинг муаммосини ўрганиб, ечимини топишга сарфлайди. Президентдан ташқари бирорта раҳбар бир соатдан ортиқ мажлис ўтказмайди», – деди Шавкат Мирзиёев.