27 февраль 2021, шанба

Кириш

Андижон

Андижонда фуқаронинг қийноққа солиниши ва касалхонада вафот этишига алоқадор ИИО ходимларига суд ҳукми ўқилдиАндижон шаҳрида 2020 йилнинг май ойида фуқаронинг қийноққа солиниши ва касалхонада вафот этишига алоқадор ИИО ходимларига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

27 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида судланувчилар Д. Ҳамралиев, Қ. Қодиров, Э. Райимжонов, Ф. Ҳусанбоев, П. Мамажонов ва А. Тўрақуловга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ҳукмига кўра:

Д. Ҳамралиев (Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган) узил-кесил 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Қ. Қодиров (Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган) узил-кесил 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Э. Райимжонов (Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган) узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ф. Ҳусанбоев (Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган) узил-кесил 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

П. Мамажонов (Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) узил-кесил 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

А. Тўрақулов (Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси вазифасида ишлаган) узил-кесил 1 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 июнда Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинган, воқеа 30 майда Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинишидан бошланган. Фуқаро 11 июнда вафот этган. 14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов мазкур воқеа сабаб ишдан олинди. Кейинроқ ИИБда беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани маълум қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ томонидан қийноққа солинганини қатъий қоралади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров бир фуқарони қийноққа солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган Андижон шаҳар ИИБ ходимлари ҳаракатига муносабат билдириб, Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқости қилингани, бир инсон энг олий ҳуқуқи бўлган яшаш неъматидан мосуво бўлгани, шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан давлатнинг халқаро имижини яхшилаш учун қилинаётган кўп сонли ҳаракатларга путур етганини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ушбу вазият бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, ИИВ раҳбарияти марҳум йигитнинг оиласидан лоақал бир оғиз кечирим сўраб қўйиши кераклигини айтган.

Кейинчалик, Халқаро пресс-клуб сессиясида ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб узр сўради. Бош прокуратура ИИБ ходимлари нима учун фуқарони қийноққа солганини маълум қилди.

Июль ойида Андижон шаҳрида фуқаронинг қийноққа солиниши сабаб ишдан олинган ИИО ФМБ бошлиғи ўрнига янги раҳбар тайинланган.